Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасини 5 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган Рафиқжон Жалилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Май ойидан буён пойтахт йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини Муҳаммад Одилов бажариб келаётган эди.
Президентнинг Тошкент вилоятида ўтказган йиғилишида Наманган шаҳри ва 15 та туман ҳокимининг 16 нафар биринчи ўринбосари ҳам лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Бунга ушбу ҳудудларда қашшоқлик даражаси юқорилиги сабаб қилиб кўрсатилди.
Президент видеоселектор йиғилишида сусткашликка йўл қўйганликлари учун сув хўжалиги вазири ўринбосари, транспорт вазири ўринбосари, «Сувтаъминот» раҳбари Соҳиб Саифназаров, «Темир йўл» раҳбари Ҳуснутдин Хосилов ва «Автойўл» раҳбари Абдураҳмон Абдувалиевни лавозимидан озод этди.
Абдурашид Жўрабоев раҳбарлик қилаётган бош вазир котибиятига собиқ ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шухрат Садиков ўринбосар бўлди. 2021 йил ноябрда у Telegram ва бошқа интернет тармоқларининг Ўзбекистондаги фаолияти чеклангани ортидан лавозимидан озод этилганди.
Пойтахт кўчаларини ёритишга масъул бўлган «Тошшаҳарнур» ДУК раҳбари ишдан олинди. Ўрнига янги раҳбар тайинланди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров ишдан бўшатилди. У мазкур лавозимга 2020 йилнинг мартида тайинланган эди.
Одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлиги учун ЖИБ Наманган шаҳар судининг раиси Бахтиёр Таваккалов ҳамда Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси Камолиддин Холмухамедов муддатидан аввал ишдан бўшатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг